Фарғона вилоятининг Риштон туманида Қирғизистон Республикасига ноқонуний олиб ўтувчи ерости йўли аниқланди. Бу ҳақда manzur.uz’га ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбир давомида Риштон туманида яшовчи фуқаро Т.М. бошқарувидаги юк автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада, автомашинада тегишли ҳужжатлари бўлмаган, тахминий қиймати 15 млрд. сўмлик 2707 дона мобил телефонлар (IPhone 13 Pro Max, Samsung Galaxy S 22 ultra, RedMe Note 11 pro ва ҳ.к.) борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаро Т.М. яшаш хонадони кўздан кечирилганда, Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти Қадамжой райони ҳудудига олиб ўтувчи, эни 1-1,5 метр, баландлиги 2 метр, узунлиги тахминан 130 метр бўлган ерости йўли мавжудлиги аниқланди.
Таъкидланишича, ушбу ерости йўли Қирғизистон Республикасидан товар-моддий бойликлар олиб ўтишга мўлжалланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.