Музейлар куни тантаналари

Ўзбекистон Давлат Санъат музейида “Халқаро Музейлар куни”га бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.

Тантанали кун 18-май –“Халқаро музейлар куни” дастурига бағишланган матбуот анжумани билан очилди.

Ундан сўнг XX – XXI асрларга оид Ўзбекистон санъатининг янги “Расм ва ҳайкалтарошлик” экспозициясининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Сўнгра тадбир меҳмонлари “Рафаэлдан Пикассогача яратилган улуғворлик” кўргазмаси билан танишдилар.

Музейлар куни дастуридан таниқли рассом Баҳодир Жалоловнинг “Абадиятга чизиқ” номли кўргазмасининг очилиш маросими ҳам жой олган. 

Саодат ШОДМОНОВА, Ўзбекистон Давлат Санъат Музейининг илмий ҳодими: 

–Ўзбекистон давлат санъат музейида юртимиз тарихи ва маданиятига оид кўплаб экспонатлар сақланмоқда. Ҳозирги кунда музейнинг Тасъвирий санъат бўлими бутунлай янгиланди, яъни фондларимизда анчадан йиллардан бери сақланиб келаётган ижодкорлар асарлари билан бир қаторда ёш истеъдодли рассомларнинг ҳам асарларига ўрин берилди.  Умумий ҳисобда 160 га яқин янги асарлар олиб келинди. Бу ерда машҳур рассомлардан Раҳим Аҳмедов, Абдулҳақ Абдуллаев ва Зоммернинг ажойиб санъат асарларини кўришимиз мумкин. Уларнинг ҳар биттаси санъат ихлосмандлари учун аҳамиятли бўлган жуда ҳам ноёб асарлар саналади. Деярли томошабинларга кўрсатилмаган, архив фондларда сақланиб келаётган асарлар ҳам намойишга қўйилди.

–Улар бир-биридан нимаси билан фарқ қилади?

–Албатта, булар ўзининг яратилиш даври, жанри ва техникаси билан ноёб ва аҳамиятлидир. Биз ижодкорларнинг тасвирий техникаси асосида уларни бир-бири билан солиштиришимиз ва ҳар битта картина яратилган даврни ўрганишимиз мумкин. Асардан унинг ижодкори ҳақида, яратилган давр ҳақида маълумот олишдан ташқари, улардан ўзимиз учун эстетик завқ олишимиз мумкин. Шунинг учун булар бебаҳо ҳисобланади.

–Тадбирга кимлар келди? Кимлар кўпроқ музей экспонатларига қизиқиш билдирмоқда?

–Тадбирга санъатшунослар, профессор ўқитувчилар, илмий раҳбарлар, турли мактаблардан ўқувчилар, талабалар ва кўплаб санъат ихлосмандлари ташриф буюрди. тадбирларимиз ҳали давом этади. “Музейда тун” лойиҳаси бўйича кечки соат 22:00гача иш фаолиятимизни давом эттирамиз.

Маълумот учун: Музейлар куни муносабати билан режалаштирилган тадбирлар дастури барча музейларда давом этмоқда. Улар 26 май санасигача бўлиб ўтади. Лойиҳа доирасида маҳоратли рассомлар билан ижодий учрашувлар ҳам бўлиб ўтади.  

Нилуфар РАИМОВА,
“Ўзбекистон Журналистика ва Оммавий Коммуникатсиялар
Унверситети” 1-курс талабаси.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: