Мош дуккаклилар оиласига мансуб, кичик, думалоқ ёки овал шаклидаги оч яшил рангли маҳсулот. Унинг асл ватани Ҳиндистон бўлиб, бугунги кунда Ер шарининг барча субторопик минтақаларида етиштирилади.
Мош таркиби ўсимлик оқсили, углевод, клетчатка, турли витаминлар, микро ва микро элементлар, муҳим аминокислоталар ва фолий кислотасига бой. Дуккаклилардан асосий фарқи бу маҳсулот таркибида метеоризмга сабаб бўлувчи олигосахарид мод бўлмайди.
Мошда мия, юрак ва асаб тизими фаолиятини қўллаб-қувватлаб турувчи моддалар – магний, фосфор, калий кўп миқдорда мавжуд. Агар истеъмол қилинадиган таомлар рўйхатига мошли овқатлар қўшилса ва бу мунтазамлик касб этса стресс ҳолатлари осонлик билан ўтказилади. Мошда аллергия ва астмани енгишда ёрдам бериш хусусияти ҳам мавжуд.
Фойдали хусусиятлари
Мош барча дуккаклилар каби қондаги қанд ва холестерин миқдорини камайтиради. Юрак-қон томир тизими ишини яхшилайди, томирларнинг эластиклигини оширади.
Бу маҳсулот кучли антиоксидант таъсирга эга. У куйган яраларнинг битишини тезлаштиради.
Мошда пешобни ҳайдаш, шишларни йўқотиш, организмни заҳарли моддалардан тозалаш хусусияти мавжуд.
Таркибида клетчатка кўп бўлгани учун қабзият муаммосини ечишга, ҳазм тизими ишини меъёрлаштиришга ёрдам беради.
Уни мунтазам истеъмол қилсангиз кўз ўткирлиги ошиб, буйраклар фаолияти яхшиланади.
Мошдаги минераллар ва оқсил суяк тўқимасини мустаҳкамлайди, иммун тизимини соғломлаштиришга ҳисса қўшади.
Айниқса спортчилар организми учун муҳим саналади. Чунки мош юқори озиқ қийматига эга бўлиб, ҳатто гўштнинг ўрнини ҳам босиши мумкин.
Мошдаги В гуруҳи витаминлари асаб тизими учун жуда муҳим. Доимий стресслардан асрайди, хотирани мустаҳкамлайди, шунингдек қон яратиш жараёнларига ҳисса қўшади.
Мошнинг ўстирилгани аёллардаги менопауза даврида гормонал тизим ишини мувофиқлаштиришга, турли ўсмалар ва саратоннинг олдини олишга ҳисса қўшади.
Терини ёшартирувчи хусусиятга ҳам эга. Уни доимий равишда рационга кирилиши тери таранг, соғлом бўлишини таъминлайди.
Организмнинг сурункали касалликларга чидамини оширади. Аллергия, астма ва артритдан азият чекувчилар мошни кўпроқ истеъмол қилишлари керак.
Мош майсалари, яъни янги ўстирилган мош иммунитетни кучайтиради, ақлий қобилиятни юкс алтириб, хотирани яхшилайди. Шунинг учун кўпинча кекса кишиларга тавсия этилади.
Организмни қувватлантириб, бронхит, трахеит, ринит, синусит, ларингит каби инфекцион касалликларни даволашга ёрдам беради.
Мошдан тайёрланган таомлар эркаклар учун ҳам жуда фойдалидир. Улар эркак жинсий қувватини оширади, қон босимини меъёрига келтиради.
Зарари ҳам борми?
Айрим одамлар организмининг ўзига хос хусусиятлари туфайли мошни яхши ҳазм қила олмайдилар. Агарда кимнинг меъдасига мош ёқмаса уни истеъмолдан чиқариши, унинг ўрнига бошқа дуккаклиларни истеъмол қилиши керак. Шунингдек, ичак фаолиятида муаммоси бор инсонлар ҳам мошдан эҳтиёт бўлишлари зарур. Ортиқча вазнда эса мошли овқатлар қорин дам бўлишига олиб келиши мумкин.
Мошли овқатларни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш ҳазмдаги қийинчиликлар ва қорин шишига олиб келади. Шунинг учун ҳафтасига 1-2 мартадан кўп мошхўрликка эрк бермаслик талаб этилади.
Косметологияда
Мошдан тайёрланган бўтқани юзга ниқоб қилинса, юздаги қора нуқталарни кетказишга ёрдам беради. Бунда ниқобни юпқа қилиб суртиб, 5-6 дақиқа ўтгач ювиб ташланади. Бу ниқоб юзни тозалашдан ташқари уни таранглаштириб, озиқлантиришга, ёшартиришга ҳам ҳисса қўшади. Бундай бўтқани тайёрлаш учун ярим пиёла мош 2 литр сувда мош эзилиб кетгунча қайнатилади.
Танлаш ва сақлаш
Мошни сотиб олишда унинг бутунлигига, силлиқлигига, қадоғи, яъни целлофан ўрами бутунлиги бузилмаганига аҳамият бериш керак. Бундан ташқари, мош донлари орасида тошлар, тупроқ ва бошқалар бўлмаслигини текшириб кўриш зарур. Мошни 1 йилдан кўп сақлаб бўлмайди. У эскироқ бўлса пишиши қийин бўлади. Шунинг учун уни пиширишдан олдин сувга солиб қўйиш талаб этилади. Қуруқ, қопқоғи ёпиладиган идишда, шамоллатиб туриладиган хонада сақланса узоқ вақт ўз шифобахшлигини йўқотмайди. Агар мошни иссиқ жойда узоқ сақласангиз у қуртлаб кетиши мумкин. Қуртлаган ва нам жойда қолиб, сифатини йўқотган мош истеъмолга ярамайди.
Мошдан суюқ шўрвалар, шунингдек бўтқалар, мошхўрда, мошкичири, мошугра каби овқатлар тайёрлаш, ўстирилган мошни эса салатларга қўшиб истеъмол қилиш мумкин.
Уйда ўстирилган мош
Уй шароитида мошни ивитиб ўстириш ва айниқса қиш, баҳор фаслларида танани қувватлантириш мақсадида фойдаланиш мумкин. Негаки ўстирилган мошда витамин ва минераллар меъёри ортади, шунингдек уларнинг танага ҳазм бўлиш жараёни енгиллашади.
Мошни ўстириш учун уни тошлардан тозалайсиз, ювасиз ва бир кун совуқ сувда ивитиб қўясиз. Кейин оқар сувда чайиб, идишга соласиз ва устидан ҳўл дока ёпасиз. Кейин бироз ҳаво кириши учун очиқ қолдириб, идиш қопқоғини беркитасиз. Кун давомида мошни тоза сувда чайиб, докани ҳўллаб босиб турасиз. Шундан 3 кун ўтгач, униб чиққан кўкат ниҳолларини тагидаги мош уруғлари билан қўшиб истеъмол қилиш мумкин. Фақат ейишдан олдин уларни ювишни унутманг. Баъзи ҳолларда униб чиққан уруғлар аччиқ таъм беради, буни тўғрилаш осон, уларни қайноқ сувда ювиб ташланса бас.
Ниҳоллари 1 см дан катта бўлмаган ўстирилган мош жуда фойдалидир. Уни қопқоқли идишда совиткичда сақлаб, 5 кунгача истеъмол қилиш мумкин. Салат тайёрлашдан олдин ўстирилган мош илиқ сувда ювилади сўнг бироз ўсимлик мойи ва туз солинади.
Гулшан тайёрлади