Аслида қариш – қочиш мумкин бўлмаган жараён саналади, аммо уни секинлаштириш мумкин. Бунинг учун ҳаётингиз ва одатларингизга ўзгартириш киритишингиз керак бўлади. Улар нафақат қаришнинг ташқи аломатлари, балки организмнинг ички аҳволини ҳам яхшилайди. Қуйида ёшлик ва гўзалликни максимал узоқ сақлаш учун 5 та одатни келтирамиз.
Терини намлантириб туриш
Тери қанча қуруқ бўлса, ажин тушиш эҳтимоли шунчалик катта бўлади. Қуруқлашиш эса терининг муддатидан олдин қаришига сабаб бўлади. Косметик воситаларни тери тури ва унинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб танланг. Шунингдек, агар етарлича сув ичмасангиз, ҳеч қандай намлантирув-чи крем ёрдам беролмаслиги бор гап.
Йил давомида қуёшдан ҳимоя қилувчи кремдан фойдаланиш
Кўпчиликнинг хатоси SPF-воситалардан фақат қуёш нурлари тўғридан-тўғри тушадиган вақтдагина фойдаланишдир. Булутли ҳавода, қуёш кўринмаётган пайтда ҳам ультрабинафша нурлар терига таъсир ўтказишда давом этаверади ва доғлар ҳамда ажин тушишига сабаб бўлади. SPF-воситаларини кундалик одатингизга айлантирсангиз, терингиз сизга раҳмат дейди.
Стрессни бошқаришни ўрганинг
Стресс ва қариш боғлиқ экани илмий исботланган. Доимий асабийлашиш умрни ўртача 3-6 йилга қисқартириши мумкин. Ҳар куни ўзингизнинг асаб тизимингизга вақт ажратишга одат қилинг. Нафас машқлари, медитация билан шуғулланинг. Бу машғулотлар 30 дақиқа вақтингизни олади. Бундан ташқари, рационингизга адоптогенлар – турли стресс вазиятларига мослашишга ва унинг организмга таъсирини пасайтиришга ёрдам берадиган табиий ўсимлик моддаларини қўшиш ҳам яхши натижа беради.
Фойдали ёғлар ҳақида унутманг
Мувозанатлашган рационда углеводлар ҳам, оқсиллар ҳам етарли бўлиши керак, аммо ёшликни сақлаб қолиш масаласига келганда, ёғлар ҳам фойдали. Ёнғоқлар, авокадо, лосось ва ўсимлик мойлари А ва Е витамини, 3 ва 6 ёғ кислоталарига бой. Витаминлар кучли антиоксидант бўлиб организмни эркин радикаллардан ҳимоя қилади ва нафақат қаришнинг ташқи аломатларини бекитади, балки ички ёшликни сақлаш имконини беради. Омега-ёғ кислоталари эса терининг эластиклигини оширади ва ажин пайдо бўлишига қаршилик қилади.
Шакар истеъмолини чекланг
Тери учун шакарнинг меъёридан ортиғи ультрабинафша нурланиш каби хавфли. У нафақат акне ва аллергик реакциялар чақиради, балки терини ичидан қаритади. Организмга тушган глюкоза молекулалари оқсил бирикмалари, жумладан коллаген ва эластин билан реакцияга киришади. Бу толалари ингичкалашиб, ўз таранглигини йўқотади ва натижада ажинлар кўпайиб, тери тонусини йўқотади. Мутахассислар қўшилган шакардан бутунлай воз кечиш, ширин меваларни эса эҳтиёт бўлиб истеъмол қилишни тавсия қилишади.
Шарофат Маҳмудова