Бразилиянинг Мато Гроссо штатида яшовчи сиёсатчининг қорнида шифокорлар жарроҳлик қайчисини унутиб қолдиришган. Бу ҳақда zamon.uz хабар бермоқда.
46 ёшли Клейтон Зенатта яқинда қорин бўшлиғида операцияни бошдан кечирганди. Амалиёт давомида ичак ўсимтаси олиб ташланди. Эркак касалхонадан чиққанидан кейин қорнида яна қаттиқ оғриқлар пайдо бўлган.
Зенатта яна тиббий ёрдам сўради. Компьютер томографияси унинг қорин бўшлиғида бегона жисм — операция вақтида унутилган жарроҳлик қайчиси борлигини кўрсатди. Сиёсатчи иккинчи операция учун зудлик билан касалхонага ётқизилди.
Штат соғлиқни сақлаш департаменти беморнинг қорнида жарроҳлик асбоби нима сабабдан қолдирилганини аниқлаш учун тиббиёт муассасасида текширув ўтказмоқда. Сиёсатчи шифохона ва операцияни амалга оширган жарроҳни судга бериш ёки бермаслик ҳақида ҳали қарор қилгани йўқ.